Экинларни парвариш ва ҳимоя қилишни механизациялаш лабораторияси


Асосий илмий йўналишлари:

Қишлоқ хўжалиги экинларини экиш ва парваришлаш технологиялари ҳамда уларни амалга оширувчи механизация воситаларини яратиш, лабораторияда яратилган илмийҳажмдор ишланмаларни ишлаб чиқаришга жорий этишда машинасозлик корхоналари ва буюртмачилар билан ҳамкорлик қилиш.

Жумладан, лаборатория қуйидаги қишлоқ хўжалик ишларига мўлжалланган машиналарни ишлаб чиқиш ва такомиллаштириш ишларини амалга оширади:

·    турли қишлоқ хўжалик экинлари уруғларини экиш, шу жумладан ғўза қатор оралари ва очиқ майдонларга дон экиш;

·    қишлоқ хўжалик экинлари қатор ораларига ишлов бериш;

·    тупроқни шудгорлашдан олдин, экиш билан бирга ҳамда вегетация даврида минерал ва маҳаллий ўғитлар солиш;

·    қишлоқ хўжалиги экинлари, узумзорлар ва боғларда бегона ўтларга қарши курашиш ва кимёвий ишлов бериш;

·    қатқалоқни бартараф этиш;

·    сабзавот экинларини уруғидан экиб етиштириш.


Лаборатория раҳбари

Абдурахманов Абдукарим Атхамович, техника фанлари номзоди, катта илмий ходим

Тел.: +998 99 803 27 16

E-mail: abdukarim19.08@mail.ru


Лабораториянинг етакчи илмий ходимлари

Чапдан ўнгга: катта илмий ходим, т.ф.н. Абдурахманов А.А., лаборатория раҳбари, т.ф.н. Қорахонов А., кичик илмий ходим Утениязов П.А., катта илмий ходим, т.ф.н. Ибрагимов А.А.


Лаборатория ходимлари

Чапдан ўнгга: таянч докторантлар Б.Б.Рамазанов, А.А.Хаджиев, т.ф.PhD П.А.Утениязов, илмий ходим М.М.Ўсаров, т.ф.н. А.Қорахонов, т.ф.н., к.и.х. А.А.Абдурахманов, т.ф.д., к.и.х. А.А.Ибрагимов, таянч докторант П.Ф.Орынбаев


Лабораторияда яратилган илмийҳажмдор ишланмалар

                       


Монографиялар, китоблар, рисолалар, қўлланмалар ва тавсиялар

               


Олинган патентлар ва дипломлардан намуналар

                 


Лаборатория ходимлари конференция, семинар ва тажрибаларда

 
 
 
 
           


Лабораториянинг тарихи

Лабораториянинг тарихи институт тарихи билан чамбарчас боғланган бўлиб, турли даврларда бир неча лабораторияларни ўз ичига олган бўлим, сўнгра яхлит лаборатория шаклида фаолият кўрсатиб келади. Унинг асосий вазифаси – уруғларни экиш, экинларни парваришлаш (ўғитлаш, қатор ораларига ишлов бериш) ва ҳимоя қилиш (бегона ўтлар, зараркунандалар ва касалликларга қарши курашиш, дефолиация қилиш) ишларини механизациялаш учун технология ва машиналарни ишлаб чиқишдан иборат.

Уруғларни экиш машиналари бўйича илмий-тадқиқот ишлари 1932-1933 йилларда бошланган. Ўша йиллари яратилган биринчи чигит экиш сеялкаси (В.И.Персиянов, П.В.Кажихин, Б.Д.Иозифович) 1954 йилгача қўлланиб келинди. Шу орада чигитни тупроққа кўмиш технологияси устида катта тадқиқот ишлари ўтказилди (А.Й.Абдумуталов). 1953-1960 йилларда чигитни квадрат-уялаб экиш технологияси устида тадқиқотлар олиб борилиб, бу усул жуда кенг майдонларда қўлланилди (Г.М.Рудаков, Л.С.Голышев, Л.И.Магай, К.К.Кияткин, С.П.Чирцов, А.Абдурахманов, Р.И.Байметов, Г.А.Тимофеев ва б.). 1960-1970 йилларда ўтказилган чуқур илмий тадқиқотлар натижаси ўлароқ СТХ-4А, СТХ-4Б, СЧХ-4А сеялкалари яратилиб, СЧХ-4А сеялкаси ҳозирги кунгача тукли чигитни экишда асосий машина ҳисобланади. Модулли СМХ-4 сеялкаси (1991 й.) пахтачилик минтақаларида экиладиган турли хил сочилувчан уруғларни эка оладиган универсал сеялка бўлди. Дон мустақиллигини таъминлаш йўлида текис ва эгат олинган далаларга буғдой экишга мўлжалланган ДЕМ-3,6 дон сеялкаси яратилди (А.Қорахонов, В.П.Анофричук, А.Абдурахманов). Кейинги йилларда PMS-4 кўпфункцияли пневмомеханик сеялкаси ҳамда ғўза қатор ораларига буғдойни қаторлаб экадиган дон сеялкаси яратилди ва улар ҳозирги кунда хўжаликларда қўлланилмоқда.

Қатор ораларига ишлов бериш машиналарини яратиш республикада хизмат кўрсатган ихтирочи В.П.Хрусталев, Ф.А.Хаджинова, Т.Г.Зинин, С.З.Амплевскаяларнинг тадқиқотларидан бошланган. 1950-1960 йилларда Т.Г.Зинин, В.А.Сергиенко, Х.Э.Эргашев, Л.С.Голышев, Л.И.Магайларнинг изланишлари асосида НКУ-2,8, сўнгра КРХ-4, КРТ-4 култиваторлари яратилди. 1970-1980 йилларда В.А.Сергиенко, А.Қорахонов, Е.И.Пономарев, А.Тўхтақўзиев ва бошқаларнинг ишлари асосида такомиллашган ишчи органлар билан жиҳозланган КХУ-4 универсал култиватори кўплаб ишлаб чиқилди. Шу йилларда бегона ўтларга қарши гербицид сепувчи ПХГ-4 мосламаси, KO-2,4 оловли култиватори, ГХ-4 пуштаолгичи, МВХ-5,4 мотигаси, ОВХ-600 пуркагичлари (К.К.Кияткин, Л.А.Черемисина, В.П.Анофричук, А.Қорахонов, Е.И.Пономарев ва б.) ҳам ишлаб чиқилиб, ушбу машиналар ҳозирда ҳам республикамиз далаларида қўлланиб келинмоқда.

Тупроқни шудгорлашдан олдин ўғитлаш ҳамда экинларни вегетация даврида маъданли ва маҳаллий ўғитлар билан ўғитлаш машиналарини ишлаб чиқиш ва такомиллаштириш юзасидан тадқиқотлар 1932 йилдан бошланган. 1950-1970 йй.да ўғитлаш соҳасида чуқур илмий-тадқиқот ишлари олиб борилиб, ўғит солиш машиналарининг бир қатор оиласи яратилди (А.Ҳожиев, А.Абдурахманов, М.Мамадалиев, С.Хусаинов, А.Дадаходжаев, И.Отажонов ва б.). Минерал ўғитларни ғўза туплари тагига локал солиш технологияси асосида яратилган ўғит солиш аппаратлари ЧКУ-4А ва ЧК-6 чизел-культиваторлари, КХУ-4А чопиқ культиватори, ГХ-4А пуштаолгичи, ГРХ-2-50 чуқурюмшатгичи каби машиналарда жуда кенг миқёсда қўлланилди ва ҳозир ҳам қўлланиб келинаётир.

Лабораторияга турли йилларда Г.М.Рудаков, В.А.Сергиенко, А.Ҳожиев, А.Абдурахманов, А.Қорахонов, К.К.Кияткин ва В.П.Анофричуклар раҳбарлик қилган. 1972 йилдан буён лабораторияга т.ф.н. А.Қорахонов раҳбарлик қилиб келаётир.


Лабораториянинг бугунги куни

Лаборатория кейинги йилларда ҳам институтнинг етакчи лабораторияларидан бири сифатида ўзининг асосий вазифасига оид қатор лойиҳалар устида кенг миқёсли илмий-тадқиқот ишларини олиб бормоқда. Жумладан, ғўза қатор ораларига ва очиқ майдонларга бир ўтишда ишлов бериб, донни қаторлаб экадиган ҳамда минимал ишлов бериш йўли билан такрорий экинларни етиштиришга мўлжалланган энергияресурстежамкор комбинациялашган агрегатлар, турли сочилувчан уруғлар ва пахтанинг тукли чигитини эка оладиган пневмомеханик сеялка, экинлар уруғларини биттадан ва уялаб аниқ экадиган янги маҳаллий пневматик сеялка, полиз экинлари экиш учун кузда бир ўтишда локал усулда гўнг солиб, пушталар ҳосил қиладиган комбинациялашган агрегат, пахтачилик култиваторлари учун вегетацион суғоришлардан кейин ва бошоқли дон экишдан олдин ғўза қатор ораларига сифатли ишлов берадиган энергияресурстежамкор иш органлари, бир ўтишда пушталар ҳосил қилиб, улар устига сабзавот экинлари уруғларини қаторлаб бир хил чуқурликка экадиган сеялкани яратиш устида ишлар муваффақиятли амалга оширилиб, бу ишланмалар республиканинг турли фермер хўжаликларида жорий этилди.

Бундан ташқари лаборатория ходимлари Республикамизда ҳар йили ўтказиб келинаётган “Инновацион ғоялар, технологиялар ва лойиҳалар” Ярмаркасида доимий равишда қатнашиб, 2011 йили “Энг яхши фойдали модель учун” номинацияси бўйича I-даражали дипломни, 2015 йили эса “Қишлоқ хўжалиги” номинацияси бўйича энг яхши инновацион ишланма ғолиби сертификатини олишга муваффақ бўлишди. Лаборатория раҳбари А.Қорахонов (2018 йил) ва катта илмий ходим А.А.Абдурахмановлар (2021 йил) “Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалиги фидойиси” кўкрак нишони, етакчи илмий ходим А.А.Ибрагимов (2021 йил) эса “Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 30 йиллиги” эсдалик нишони билан тақдирландилар. Ихтирочилик соҳасида ҳам маълум ютуқларга эришилиб, кейинги мустақиллик йилларида лаборатория ходимлари 19 та ихтиро ва фойдали моделларга патентлар олишди.

2022 йил январь ҳолатига лабораторияда 5 та илмий ходим (шулардан 1 таси фан доктори, 2 таси фан номзодлари ва 1 таси фалсафа доктори илмий даражаларига эга), 3 та таянч докторант ва 1 та техник-механик фаолият юритмоқда.


Илмий кадрларни тайёрлаш

Лаборатория ўз фаолияти давомида 30 дан ортиқ фан номзодлари ва 3 та фан докторини етиштириб чиқарган. 2019 йилнинг декабр ойида Ибрагимов Абдирасули Абдикаримович ўзининг “Ғўза қатор ораларига ишлов бериш ва донни қаторлаб экиш учун комбинациялашган агрегат ишлаб чиқишнинг илмий-техник ечимлари” мавзусидаги докторлик диссертациясини муваффақият билан ҳимоя қилди. 2020-2021 йй. давомида яна 2 та лаборатория ходими техника фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD) илмий даражасини олишга муваффақ бўлишди.


Ўзгартирилган сана: 17.04.2023