Энергия-ресурстежамкор картошка ковлагич ишлаб чиқилди![]() Ҳозирги кунда картошкачилик Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришининг асосий тармоғи ҳисобланади ва Республика аҳолисини картошкага бўлган талабини ўзимизда етиштириш орқали таъминлаш йўлга қўйилди ҳамда қишлоқ хўжалигини келажакда ривожлантириш ва ислоҳотларни амалга ошириш истиқболли режаларига кўра картошка етиштириш ҳажми охирги тўрт йил ичида 35 фоизга оширилиши белгилаб берилди. Тупроқ-иқлим шароитимизга кўра, Республикамизда картошка икки марта, яъни ёзги ва кузги мавсумларда етиштирилиб, уни ковлаб олиш жараёни асосан қўл меҳнати орқали, қисман эса мавжуд эски машиналар билан бажарилади. Бу машиналар ўзига хос икки хил мавсумда ишлаш жараёнида агротехник талабларга тўлиқ жавоб бера олмайди. Бундан келиб чиққан ҳолда шу шароитга мос бўлган махсус картошка ковлагичлар Республикамизда ишлаб чиқилмаган ҳамда илмий жиҳатдан эса асосланмаган. Юқорида таъкидланганлардан келиб чиққан ҳолда Республикамиз шароитида картошкани кам шикастлаб, тўлиқ ковлаб олишни таъминловчи энергия-ресурстежамкор картошка ковлагич ишлаб чиқилди ва унинг параметрларини асосланди. Ишлаб чиқилган энергия ресурстежамкор картошка ковлагичнинг тадқиқот натижалари «БМКБ-Агромаш» АЖ томонидан қабул қилинди ва КК-2 экспериментал намунаси тайёрланди. Тошкент вилоятининг Янгийўл, Чиноз ва Қуйичирчиқ туманларида ўтказилган кенг қамровли синов натижаларига кўра, КК-2 картошка ковлагич тупроқнинг элакланиш даражаси, картошкаларни ковлаб олиш тўлиқлиги ва уларнинг кам шикастланиши бўйича мавжуд КН-2 картошка ковлагичга нисбатан юқори агротехник кўрсаткичларини таъминлади. ![]() ![]() ![]() 1-расм. КК-2 энергия ресурстежамкор картошка ковлагич тажриба-саноат нусхасининг умумий кўриниши. ![]() 2-расм. КК-2 Энергия ресурстежамкор картошка ковлагич тажриба-саноат нусхасининг иш жараёни. Мазкур машина Республикада техника йўналиши бўйича ўтказилган танловда биринчи ўринни сазовор бўлган ва 1-даражали диплом билан тақдирланган. ![]() Энергия-ресурстежамкор картошка ковлагични тажриба саноат нусхасининг ёзги ва кузги мавсумларда қўллаш тупроқ элакланиш даражасини 19,2-23,6 ва 17,9-19,8 фоизга, картошкани ковлаб олиш тўлиқлигини 6,5-10,0 ва 7,1-8,9 фоизга оширади, уларнинг шикастланиш даражасини 8,4-11,1 ва 4,7-5,3 фоизга камайтиради, агрегатнинг иш унуми 25,0 фоизга ошади, меҳнат сарфи 60,0 фоизга ва эксплуатацион ҳаражатлар 31,5 фоизга камайишини таъминлайди. КК-2 энергия-ресурстежамкор картошка ковлагичнинг тажриба-саноат нусхаси “BMKB-AGROMASH” конструторлик бюроси томонидан ишлаб чиқариш учун қабул қилиб олинган ҳамда ушбу ковлагич Ўзбекистон республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Қишлоқ хўжалиги техникаси ва технологияларини сертификатлаш ва синаш маркази томонидан дастлабки синовлардан ўтказилган. Маълумот киритилган сана: 03.06.2020 |