Деҳқондан чиққан академик


Абу Райҳон Беруний номидаги Давлат мукофоти лауреати, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган фан арбоби Абдумуталиб Ҳожиевга ҳамкасблари деҳқон оиласидан чиққан академик деб таъриф беришади.

Чунки у деҳқон оиласида ўсиб-улғайган. 1953 йили ўрта мактабни битиргач, илмга бўлган чанқоқлик билан Тошкентдаги Ўрта Осиё Политехника институти (ҳозирги И.Каримов номли Тошкент давлат техника университети)нинг механика факультетига ўқишга кирди. 1958 йили институтни тамомлагач «Машиналар механизмлари назарияси ва деталлари», «Тракторлар ва қишлоқ хўжалик машиналари» кафедраларида ассистентлик қилди.




1961-1964 йиллари Ўрта Осиё қишлоқ хўжалигини механизациялаш ва электрлаштириш илмий-тадқиқот институти (ҳозирги ҚХМЭИ)нинг аспирантурасида таҳсил олди.

1965 йилда номзодлик, 1989 йилда докторлик диссертациясини ҳимоя қилиб, 1990 йилда профессор унвонига эга бўлди. 1991 йилдан Ўзбекистон Қишлоқ хўжалиги Фанлар Академиясининг ҳақиқий аьзоси.

Истеъдодли олим ўзининг 60 йилдан ортиқ илмий педагогик фаолияти давомида ҚХМЭИнинг лаборатория раҳбари, институт директори, Умумиттифоқ Қишлоқ хўжалиги Фанлар Академияси Ўрта Осиё бўлимининг механизациялаш ва элеткрлаштириш бўлинмаси раисининг ўринбосари, “Қишлоқ хўжалигини механизациялаш”, “Қишлоқ хўжалиги машиналари ва қуролларини таъмирлаш ва тиклаш” ихтисосликлари бўйича номзодлик ва докторлик диссертацияларини ҳимоя қилишга ихтисослашган кенгаш раиси, “Механизация хлопководства” илмий-техник рефератив тўпламининг Бош муҳаррири лавозимларида самарали меҳнат қилиб, юртимизда қишлоқ хўжалигини механизациялаш соҳасидаги долзарб масалаларни тадқиқ этишга муносиб ҳисса қўшиб келмоқда.

Республика етакчи олимлари, конструкторлар ва ишлаб чиқариш илғорлари билан доимий ва самарали ҳамкорлик қилиш А.Ҳожиевга пахтачиликни механизациялаш соҳасида илмий-тадқиқот ишларининг энг долзарб йўналишларини танлашда ёрдам берди.

А.Ҳ.Ҳожиевнинг илмий изланишлари қишлоқ хўжалигини механизациялаш ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштиришга сарфланаётган ҳаражатларни камайтириш, янги техника ва технологияларни яратиш ҳамда амалиётга жорий этишга бағишланган.

Олимнинг илмий тадқиқотлари, хусусан ғўза қатор ораларига ишлов бериш, минерал ва органик ўғитларнинг самарадорлигини ошириш ҳамда қишлоқ хўжалигида юкларни ташиш-юклаш ишларини бажариш учун янги технологиялар ва техника воситаларини ишлаб чиқариш ва уларни жорий этишга йўналтирилган. Унинг қишлоқ хўжалигини механизациялаш соҳасининг назарий ва амалий масалаларига бағишланган монография, илмий мақола ва рисолалари кенг жамоатчиликка яхши маълум.

Академик А.Ҳожиевнинг назарий ва амалий тадқиқотлари натижалари модернизациялашган ЧКУ-4А чизель-культиваторида, БДТ-3,0 дискли бороналар учун ПВУ-3,0 мосламаси ва ГРХ-2-50 чуқурюмшатгич мосламаларда ўз аксини топди.

Мавжуд пахта культиваторининг ўғит солиш аппаратлари ва ўғит сошниклари А.Ҳожиев асослаб берган параметрлар асосида кўплаб ишлаб чиқилмоқда. Янги ишчи аъзолар ва аппаратлар билан жиҳозланган, модернизациялашган чизель-культиваторлар республикамиз далаларида кенг қўлланилмоқда.

Тукли чигитларни аниқ меъёрларда экиш мақсадида озиқлантирувчи-ҳимояловчи қобиқ билан қоплаш учун такомиллаштирилган технологик тизим ва техника воситалари комплексини яратиш устида олиб борилган тадқиқотлар туркуми алоҳида ўрин тутади. Техника воситасида тайёрланган қобиқпи уруғлик чигитлар турли тупроқ-иқпим шароитларида, синовдан ўтди ва деҳқон-фермерлар томонидан ижобий қабул қилинди.

Жонкуяр устоз сифатида кўплаб ёшларга илм-фан сирларидан сабоқ берган заҳматкаш олимнинг бевосита раҳбарлигида 29 та фан номзодлари, 2 фан докторлари тайёрланган. Шогирдлари билан биргаликда 350 дан ортиқ илмий мақолалар, 4 та монография чоп эттирган, 55 та ихтирога муаллифлик гувоҳномалари ва патентларга эга.

У билан ҳамкорликда олиб борилган илмий-тадқиқот ва тажриба-конструкторлик ишлари натижасида 60 дан ортиқ технологиялар, машиналар, уларга мослама ва ишчи аъзолар конструкциялари ишлаб чиқилиб, амалиётга жорий қилинди. 65 дан ортиқ ихтироларга муаллифлик гувоҳномалари ва патентлар олинди, 67 та техника воситасига агротехник талаблар тайёрланди.

Оддий талабаликдан бошланган эътиқоди уни Ўзбекистонга танитди, устозга, отахон академик олимга айлантирди. Фақат Ўзбекистон эмас, хориж мамлакатларида ҳам унинг улкан илмий салоҳияти қадр топди, қишлоқ хўжалигига қўшган салмоқли ҳиссаси, пахта етиштириш, тупроққа маҳаллий ва минерал ўғитлар солиш жараёнларини механизациялаш соҳасидаги янги технологияларни ишлаб чиқиш бўйича ноёб тадқиқотлари, илмий ва амалий ишланмаларни тарғиб қилиш ва жорий этишдаги ўзига хос фидокорлиги билан танилди.

85 ёшни қаршилаётган бўлсада эл хизматида бўлиб келаётган отахон олимимиз бугунги кунда ҳам ёшлар тарбияси, илму салоҳиятини ошириш йўлида иш олиб бораркан, қатор илм даргоҳларида зиёлилар ва талабалар билан учрашувлар ўтказмоқда. Жумладан, И.Каримов номли Тошкент Давлат техника университети ҳамда Олмазор туманидаги Политехника касб-ҳунар коллежи талабалари билан ўтказилган учрашувларда ўзининг ҳаёти ва илм йўлларининг заҳмати, устозлар сиймосининг ёруғ излари ҳақида ҳикоя қилади.

Домла оилавий ҳаётидан ҳам мамнун яшайдилар. У билан турмуш юкини бирга тортаётган Сайёра опа Ҳожиева шифокорлик касбида меҳнат қилдилар, ҳозирги кунда нафақада. Уларнинг 4 нафар фарзанди олий маълумотли, уйли-жойли, ўз севган касбининг эгаси бўлиб, халқ хизматидалар. Келинлар, 12 нафар невара ва 3 нафар эваранинг ҳар бири бир дунё бўлиб, атрофларида парвона.

Ўз табиатидек сокингина кўринган забардаст олимда катта ҳаётий тажриба, уммон қадар илм мужассам. Ҳар кунидан бир олам мўъжиза кутгувчи, техникани жон дилидан севиб тинмай изланган, ёшлардан, шогирдларидан меҳру муҳаббати ва илму амалини аямаган кўнгли тоғдай юксак инсонлар барчамиз учун ибрат мактабидир.



Маълумот киритилган сана: 02.09.2020