Полиз экинлари экиладиган далаларда пушта ҳосил қилиб органик ўғитларни
локал соладиган энергия-ресурстежамкор комбинациялашган агрегат






Комбинациялашган агрегатнинг тузилиши ва ишлаш принципи: Техник янгилиги № FAP 01361 рақамли муаллифлик гувоҳномаси билан ҳимояланган комбинациялашган агрегат қуйидаги технологик жараёнларни бажаришга мўлжалланган: шудгорланган ва текисланган далалардакузда ўғит солиш учун ариқлар очиб, улар ичига чириган ёки яримчириган гўнгни (бошқа қаттиқ органик ўғитларни) локал усулда солади ҳамда бир йўла ўғит устини кўмиш ва суғориш ариқларини очиш билан бир вақтда полиз экинлари уруғларини экиш учун пушталар тайёрлаб кетади.

Баҳорда пушталар устига полиз экинлари уруғлари экилади. Уруғлар униб, илдиз ҳосил қилганида пушта тагига кузда солинган органик ўғитдан озиқланиб, жадал ривожланади. Натижада экологик тоза полиз маҳсулотларидан юқори ҳосил олиш учун замин яратилади.

Комбинациялашган агрегат (1-расм) тракторнинг орқа осма тизимига автотиркама ёрдамида осилади,у қуйидаги асосий қисмлардан иборат: рама 6, ўғит бункери 1, куракчали барабанлар 5, гумбазбузгичлар 2, қаршипичоқ 3, юритма механизми 13, ўғитйўналтиргич 7, олдинги 15 ва ортки 9 эгаточгичлар ва таянч ғилдираклар 8. Юритма механизми ҳаракатни карданли вал 14 орқали трактор 16 нинг орқа қувват олиш валидан олади. Агрегат рамасининг олд ва орқа брусларига 9 ва 15 эгаточгичлар, иккала ён брусларига эса таянч ғилдираклари 8 маҳкамланади.


        




1-расм. Комбинациялашган агрегатнинг технологик схемаси:
1 – бункер; 2 – гумбазбузгич; 3 – қаршипичоқ; 4 – тўсиқ; 5 – куракчали барабанлар; 6 – рама; 7 – ўғитйўналтиргич; 8 – таянч ғилдираклар; 9 – ортки ариқочгич; 10 – гумбазбузгич бармоқлари; 11 – гумбазбузгич вали; 12 – қаршипичоқ панжарасининг қовурғалари; 13 – юритма механизми; 14 – карданли вал; 15 – олдинги ариқочгич; 16 – трактор


Комбинациялашган агрегат қуйидагича ишлайди: ҳаракат давомида олдинги иккита эгаточгич гўнг солиш учун маълум чуқурликда эгатлар очиб кетади. Бункерга солинган ўғит (гўнг) миқдорлагичлар ёрдамида меъёрланиб, ўғитйўналтиргичларга икки оқимга бўлиб ташлаб берилади. Ўғитйўналтиргичлар олдинги эгаточгичлар очиб кетаётган эгатлар ичига тўғрилаб созлангани учун улардан тушиб келаётган ўғит массаси шу эгатлар ичига тушади. Ўғитйўналтиргичлардан кейин жойлаштирилган ортки эгаточгич тупроқни икки томонга кўтариб-суриб, икки томондаги эгатларга солинган органик ўғитни тупроқ билан кўмиб, иккита ўғитланган пушта ҳосил қилади. Шу жараёнда ҳосил бўлган ариқ эса суғориш эгати вазифасини бажаради.

Комбинациялашган агрегат 1,4-2,0 классдаги тракторлар билан агрегатланади, иш тезлиги 5,4-7,2 км/соат, қамров кенглиги 1,4-1,8 м, иш унуми 0,76-1,30 га/соат, массаси 725 кг. Тупроқ-иқлим шароитига қараб ўғит солиш учун очилган ариқларнинг чуқурлиги 10-30 см, ўғитни кўмиш чуқурлиги (ўғит устига солинган тупроқ қатламининг қалинлиги) 12-15 см, суғориш ариғининг чуқурлиги 20-25 см, ўғит солиш меъёри 5-10 т/га.

Комбинациялашган агрегатнинг дала синовлари натижалари: комбинациялашган агрегатнинг дала синовлари ҚХМИТИ тажриба хўжалигида ўтказилди. Дала аввалига шудгор қилинган, сўнгра чизел-культиватор ва тирма-молалар билан ишлов берилиб, пушта олишга тайёрланган.

2-расмда агрегатнинг иш жараёнидаги кўриниши тасвирланган, олинган натижалар эса жадвалда келтирилган.

Комбинациялашган агрегат дала синовларининг натижалари

Кўрсаткичлар Ўғитни кўмиш чуқурлиги, см Ўғит тасмасининг ўлчамлари, см Тасмалар орасидаги масофа, см Пуштанинг баландлиги, см
кенглиги баландлиги
Ўртача қиймати Мср, см 17,3 9,4 7,3 89,9 25,1
Ўртача квадратик четланиши ±σ, см 2,67 1,69 1,23 9,56 3,64
Вариация коэффициенти V, % 15,4 18,0 16,8 10,6 14,5




2-расм. Комбинациялашган агрегатнинг иш жараёнидаги кўриниши


Органик ўғитни кўмиш чуқурлиги ўртача 17,3 см ни, унинг ўртача квадратик четланиши 2,67 см ни ташкил этди. Солинган ўғит тасмасининг кенглиги 9,4 см, баландлиги 7,3 см, икки пуштага солинган ўғит тасмалари орасидаги масофа 89,9 см га тенг бўлди. Пуштанинг баландлиги 25,1 см, ўртача квадратик четланиши 3,64 см, вариация коэффиценти эса 14,5% ни ташкил этди.

Комбинациялашган агрегатнинг афзалликлари.

1. Комбинациялашган агрегат бир ўтишда бир неча технологик жараёнларни амалга оширади, яъни органик ўғит (гўнг) солинадиган ариқларни очади, ариқларга ўғитни меъёрлаб солади, ариқлардаги ўғит устини тупроқ билан кўмади, шу билан бирга полиз экинлари уруғларини экиш учун иккита пушта олиб, суғориш ариғини ҳам очиб кетади.

2. Фермадан келтирилган органик ўғит (гўнг)ни тўғридан-тўғри локал усулда солиш имкониятига эга. Бунда гўнгга қўйиладиган талаблар: унинг таркибида темир-терсак ва тошлар бўлмаслиги ҳамда намлиги 65% дан ошмаслиги керак.

3. Ушбу энергия-ресурстежамкор комбинациялашган агрегатни қўллаш натижасида ўғитни сочма усулда ёппасига солишга нисбатан ўғит сарфи 2-3 бараварга, ёнилғи-мойлаш материаллари сарфи 15-20% га камаяди, полиз экинлари ҳосилдорлиги 14-20% гача ошади, экологик тоза маҳсулот олиш таъминланади.


Қишлоқ хўжалигини механизациялаш ИТИ (ҚХМИТИ)

+998975371530      А.Қараханов – техника фанлари номзоди, лаборатория раҳбари

+998998032716      А.А.Абдурахманов – техника фанлари номзоди, катта илмий ходим

+998976045417      П.А.Утениязов –кичик илмий ходим, тадқиқотчи



Маълумот киритилган сана: 15.04.2020