Қишлоқ хўжалигини механизациялаш илмий-тадқиқот институтида фаолият олиб бораётган ёш олимлар тўғрисида маълумот


Ўзбекистонда қишлоқ хўжалиги иқтисодиётнинг етакчи тармоғи бўлиб, унда 3,6 миллион киши (иқтисодиётда банд бўлганларнинг 27 фоизи) иш билан таъминланган. Тармоқнинг улуши мамлакат ялпи ички маҳсулотининг 32 фоизини ташкил этади. Бунда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқариш, қайта ишлаш ва экспорт қилиш ҳамда хизмат кўрсатишнинг самарали механизмларини жорий этиш, инновацион ва ахборот-коммуникация технологияларидан самарали фойдаланишни таъминлашда илмий-тадқиқот ва таълимни ишлаб чиқариш билан интеграциялашган самарали тизимини яратиш муҳимдир.

Қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришини ривожлантириш биринчи навбатда шу соҳада узоқ йиллардан бери фаолият олиб бораётган тажрибали кадрларнинг етарлилиги ва янги кадрларни соҳага кириб келиши билан боғлиқ. Кейинги йилларда ёшларни соҳага жалб қилишда узилишлар бўлди. Лекин, сўнгги қишлоқ хўжалигидаги ислоҳотларнинг жадал суръатларда амалиётда бажарилиши натижасида ва тажрибали механизатор олимлар сай-ҳаракатлари билан ёшларни илмга бўлган қизиқишлари ортиб уларнинг сафи кенгаймоқда. Қишлоқ хўжалигини механизациялаш илмий-тадқиқот институтида 18 мустақил тадқиқотчилар, 11 нафар таянч докторантлар ва 2 нафар докторантлар изланишлар олиб бормоқда.

Қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришини механизациялаш соҳасида фаолият олиб бораётган, кўп йил меҳнат қилган фидойи, забардаст олимларнинг кўрсатмалари, маслаҳатлари билан ёш изланувчилар ишларида иштирок этишмоқда.

Масалан, Абдусалим Тўҳтақўзиев раҳбарлигида илмий-тадқиот олиб бораётган Шерзод Барлибаевнинг далаларни экин экишга тайёрлаш учун “Мола текислагичнинг технологик иш жараёнини такомиллаштириш ва параметрларини асослаш” мавзусидаги тадқиқот иши ва Қутбиддин Имомқулов раҳбарлигида “Анор тупларини кўмадиган машина иш органининг параметрларини асослаш” мавзусида тадқиқот олиб бораётган Элбек Абдуназаровлар илм-фани салоҳиятини оширишга хизмат қилишмоқда. Ёш изланувчилардан Акмал Эшдавлатов кундалик истеъмол маҳсулотимиз бўлган пиёз уруғларини қаторлаб экадиган сеялка эккичи ва кўмгичининг параметрларини асослаш борасида изланиш олиб бораяпти. Илмий тадқиқотчи Иномжон Усмонов ҳам уруғларни саралаш самарадорлигини ошириш учун универсал қурилмани ишлаб чиқиш ва параметрларини асослаш бўйича илмий ишларини давом эттирмоқда. Иш органлари рамага қўзғалмас бириктирилган тупроққа ишлов бериш машиналарининг ишлаш чуқурлиги барқарорлигини таъминлашнинг илмий-техник ечимларини аниқлаш борасида ёш тадқиқотчи Абдурахмон Расулжонов ўзининг илмий-тадқиқот ишларини олиб бормоқда. Бундан ташқари салоҳиятли ёшлардан Обид Пардаев уруғлик сояни дуккакларидан ажартадиган қурилмани ишлаб чиқиш ва параметрларини асослаш ишлари билан банд.

Институт олимлари томонидан амалга оширилаётган тадқиқотлар ислоҳотлар самараси ўлароқ амалда бажаришга катта эътиборни қаратишга ундамоқда. Бу эса, мамлакатимиз ривожланиши ва тараққий этиши учун замин яратади.

Мирзохид Тухтабоев, Қишлоқ хўжалигини механизациялаш илмий-тадқиқот институти матбуот котиби



Маълумот киритилган сана: 26.06.2020