Иқтидорли талаба ва магистрлар билан учрашув

 

Қишлоқ хўжалигини механизациялаш соҳасида таниқли олим, техника фанлари доктори, профессор, академик, Абу Райҳон Беруний номидаги Давлат мукофоти Лауреати, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган фан арбоби Ҳожиев Абдумуталиб Ҳожиевич шу йилнинг 23 феврал куни Тошкент давлат аграр университетида таҳсил олаётган иқтидорли, илмга қизиқиши бўлган талабалар ва магистрлар билан учрашувда бўлди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси академиклари, Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги илмий-ишлаб чиқариш маркази академиклари ва муҳбир аъзолари ҳамда республиканинг етакчи олимлари билан бўлиб ўтган йиғилиш баёнида белгиланган илмий-тадқиқот фаолиятига иқтидорли ёшларни саралаш, мақсадли тайёрлаш ва янада кенгроқ жалб этиш механизмини такомиллаштириш ҳисобига, фан-таълим соҳаси кадрлари салоҳиятини мустаҳкамлаш назарда тутилган ва Ўзбекистон Республикаси  Президентининг 2017 йил 7 февралдаги  ПФ–4947-сонли Фармонига мувофиқ  2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича  Ҳаракатлар стратегиясини «Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили»да амалга оширишга оид давлат дастурида “Қишлоқ хўжалигини модернизация қилиш ва жадал ривожлантириш” бандида келтирилган вазифалар бўйича маълумотлар берилиб, ҳозирги кунда қишлоқ хўжалигини механизациялаштиришда олиб борилаётган илмий янгиликлар, ишланмалар ва тадқиқотлар бўйича маълумотлар бериб ўтди.

Учрашувда институт талабларини келгусида етук кадр бўлиб етишишлари ва келажакда илмий-тадқиқот ишларини олиб бориш учун ўзларининг маслаҳат ва ўгитлари билан суҳбатлашди. Суҳбатда талабалар ўзларини қизиқтирган саволлари билан очиқ мулоқатлар олиб борди.  

Илму фанга бутун ҳаётини бахшида қилган олим, академик А.Ҳ.Ҳожиев нафақат республикамизда, балки хорижий мамлакатларда ҳам ўзининг улкан илмий салоҳияти, қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришига қўшган салмоқли ҳиссаси, айниқса пахта етиштириш, тупроққа маҳаллий ва минерал ўғитлар солиш жараёнларини механизациялаш соҳасида янги технологияларни ишлаб чиқиш бўйича ноёб тадқиқотлари, илмий ва амалий ишланмаларни тарғиб қилиш ва жорий этишдаги ўзига хос фидокорлиги билан машҳурдир. Абдумуталиб Ҳожиевич Ҳожиев ўзбек интеллигенциясининг энг яхши қирраларини ўзида мужассам этган, улкан илмий ва амалий тажрибасини фидойи меҳнати билан халқ манфаати йўлида сарф этиб келаётган забардаст олимдир.

 

А.Ҳожиев талабалар билан суҳбатлашмоқда

 

Академик А.Ҳ.Ҳожиев фанни ривожлантириш, пахтачиликни механизациялаш бўйича янги техникалар яратиш, қишлоқ хўжалигига жорий этиш ва юқори малакали кадрлар тайёрлаш ишларида эришган ютуқлари учун бир қатор медаллар, ЎзССР Олий Совети Президиумининг ва Ўзбекистон Республикаси Фахрий Ёрлиқлари билан тақдирланди. У фан ва техника соҳасида Абу Райҳон Беруний номидаги Давлат Мукофотига сазовор бўлди, “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан арбоби” фахрий унвонига эга.

А.Ҳ.Ҳожиев ўзининг меҳнатсеварлиги, севимли ишига содиқлиги, ташаббускорлиги, ўзгаларга ҳайрихоҳлиги, одамийлиги ва камтарлиги билан ҳамкасблари ва сафдошлари орасида катта эътибор қозонган. У илм йўлига янги кириб келган ёш олимга илиқ сўз топиб, маслаҳатини аямайди, кўпни кўрган ҳамкасби, тажрибали олимга фойдали таклифини бера олади.

Талабаларга амалий машғулот ўтиш жараёни

 

Талабаларга экиш машиналари бўйича тушунтиришлар бермоқда

 

А.Ҳ.Ҳожиев ҳозирги кунда институтнинг лаборатория ва грантлар раҳбари, техника фанлари доктори илмий даражасини ҳимоя қилиш бўйича 1607-2013.Т0701 – ихтисослашган кенгаш аъзоси сифатида фаолият олиб бормоқда. Домла янги-янги ижодий режалар тузишдан чарчамай, ёш олимларни Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалигини механизациялаш соҳасининг истиқболли йўналишларида тадқиқотлар олиб боришларига, малакали кадрлар бўлиб етишиб чиқишларига кўп куч-қувватини сарфламоқда.

Унинг қишлоқ хўжалигини механизациялаш соҳасининг назарий ва амалий масалаларига бағишланган монография, илмий мақола ва рисолалари кенг жамоатчиликка яхши маълум.

Жонкуяр устоз сифатида кўплаб ёшларга илм-фан сирларидан сабоқ берган заҳматкаш олимнинг бевосита раҳбарлигида 26 та фан номзодлари, фан докторлари тайёрлаган.

Шогирдлари билан биргаликда 332 та илмий мақолалар, 4 та монография, 53 та ихтирога муаллифлик гувоҳномалари ва патентларига эга.

Маълумот киритилган сана: 28.02.2017